17.06.2019
Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда картошкачилик муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам картошка “иккинчи нон” деб аталади.
Республикада картошкачилик соҳасини янада ривожлантириш, картошканинг ҳосилдор навлари уруғ фондини яхшилаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йил учун қишлоқ ҳўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот этиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида” 2019 йил 29 мартдаги 259-сон қарорига мувофиқ асосий ва ғалладан бўшайдиган майдонларга уруғлик ва истемол картошкасини экишга жалб этилган қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ички бозорга ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кафолатли етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 06 июндаги “2019 йил ҳосили учун қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга уруғлик картошка картошка етказиб бериш ва ички истеьмол бозорини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №462-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор асосида республикамиздаги уруғлик картошка етиштирувчи фермер хўжаликларига сифатли, сертификатланган жами 28395 тонна уруғлик картошка етказиб берилади ва шундан 19095 тоннаси четдан импорт қилиб олиб келинади. Четдан импорт қилиб олиб келадиган хўжалик юритувчи субъектларга ҳукуматимиз томонидан импорт қилинган уруғлик картошка бўйича қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш, четдан келтириладиган уруғлик картошканинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ўз вақтида ва сифатли етказиб берилишини таминлаш мақсадида имтиёзли (50%) тарифларда темир йўл хизматлари кўрсатиш каби имтиёзлар яратиб берилди.
Шу ўринда қарорда кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йил ҳосили учун картошка экадиган фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ ҳўжалиги корхоналарига уруғлик картошка ҳарид қилиш учун 136.млрд.сўм маблағларни “Агробанк” АТБ орқали 2019 йил ҳосили учун картошка экадиган фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ ҳўжалиги корхоналарига йиллик 10 фоиз ставкада кредит сифатида ажратиш тавсия этилди. Ушбу 2019 йил ҳосили учун уруғлик ва истемол картошкаси экишга жалб этилган фермер ҳўжаликларига ажратиладиган кредитлар бўйича ҳисобланадиган фоиз ставкасининг 50 фоизи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди. Натижада фермер хўжаликларини йиллик 5 фоизли имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлашга эришилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат таминоти илмий-ишлаб чиқариш марказининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, Картошка етиштирувчилар уюшмаси ва вилоятлар хокимликлари биргаликда фермер ҳўжаликларига картошка навларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўтказиладиган агротехник тадбирлар юзасидан амалий семинарларни ташкил этишни бошлаб юбордилар. Бу ўз навбатида четдан келтирилган уруғлик картошканинг экилгунга қадар тўғри сақланиши, агротехник тадбирларнинг тўғри ташкил этилиши, сифатли экилиши ва натижада юқори ҳосил олинишини таъминлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, йилдан-йилга республикамизда вирусдан ҳоли, юқори ҳосил берувчи маҳаллий картошка уруғини яратиш борасида ҳам муҳим илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йил ҳосили ҳисобидан “Бўстонлиқ картошкачилик марказида” 11300 тонна биринчи репродукцияли уруғлик картошка захираси жамланди ва натижада четдан импорт қилинадиган уруғлик картошка ҳажмларини камайтиришга эришилди.
КАРТОШКАЧИЛИК МАРКАЗЛАРИ КАРТАСИ