22.04.2019
2019 йилнинг 16-19 апрель кунлари Картошка етиштирувчилар уюшмаси раҳбари Э.Тошпулатов Россия Федерациясига хизмат сафари билан ташриф буюрди ва ташриф чоғида Россия Картошка Иттифоқи раҳбари билан учрашди.
Россия Федерациясининг Картошка Иттифоқи картошка ва сабзавотлар миллий товарлар бозорининг барча йўналишларини ифодалайди ҳамда картошка селекцияси ва уруғчилигидан тортиб, то картошкани чуқур қайта ишлаш бўйича барча иштирокчиларнинг келишилган позициясини шакллантиради. Картошка Иттифоқи Россия уруғчилик ва озиқ-овқат картошка айланма ҳаракатини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этади, илмий-тадқиқот ва селекция ишларини олиб боради, Иттифоқ ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилишни жумладан, картошка ва сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, ташиш ва улгуржи сотишни мувофиқлаштиради, шунингдек, картошка ва сабзавотларнинг янги навларини рўйхатга олиш жараёнларини такомиллаштиради, сифатни назорат қилиш бўйича тармоқ лабораторияларини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги №ПҚ-3558-сонли қарорида Картошка етиштирувчилар уюшмасининг вазифаларидан бири сифатида картошкачилик сохасига илмий натижаларни, юқори ҳосилли навларни, замонавий етиштириш технологияларини жорий қилиш, хорижий илмий-тадқиқот институтлари ва ҳалқаро ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда уруғлик картошкани етиштиришга ихтисослаштирилган фермерлар малакасини тизимли ошириб боришни ташкиллаштириш белгиланган.
Шу мақсадда Уюшма томонидан бугунги кунда АҚШ, Франция, Голландия, Польша, Козоғистон, Кирғизистон каби давлатларнинг картошкачилик сохасига тегишли ташкилот ва компаниялари билан Ташқи ишлар вазирлигининг кўмагида алоқалар ўрнатилиб, ўзаро хамкорлик ривожлантирилмоқда.
Шунга асосан Уюшма томонидан Россия картошкачилик иттифоқи билан ҳамкорлик шартномасини имзолаш республикамизда картошкачиликни янада ривожлантиришга, хорижий инвестицияларни кириб келишига ва ўзаро тажриба алмашишга имконият яратади.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уруғлик картошка етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилдилар, чунончи ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари Йўл харитасида кўзда тутилган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги” №ПҚ-3739-сонли қарорига асосан АҚШнинг “Cets LLC” компанияси билан юқори репродуктив уруғлик картошка етиштириш бўйича янги технологияни фитотрон ускунада Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини ўрганиш белгиланган.
“Cets LLC” компаниясининг ушбу фитотрон ускунаси Россия Федерациясининг Нижегородск вилоятида “Латкин” МЧЖ томонидан 2011 йилда амалиётга тадбиқ этилган ва ижобий натижаларга эришилган. Ташриф давомида Уюшма раҳбари томонидан амалда қўлланилаётган фитотрон ускунасини натижавий кўрсатгичлари ўрганилди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг картошкачилик соҳасида ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади ва республикамизда картошкачилик соҳасини ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.
КАРТОШКАЧИЛИК МАРКАЗЛАРИ КАРТАСИ